JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ЕНГИЛМАС КУЧ!

Турли оқимларга раддиялар

«Тухум инқилоби»​. Эрондаги халқ намойиши ортида ким турибди?

2009 йилги низоли президентлик сайловидан сўнг, айни пайтда Эрон диёрини энг йирик халқ намойиши қамраб олган. Дастлабки ҳаракатлар Эроннинг иккинчи катта шаҳри Машҳадда кузатилди. Бироз фурсат ўтиши билан, бир нечта шаҳарларда минглаб кишилар кўча намойишларига чиқишга қарор қилди.

 

31 декабрь куни ҳукумат Эрон ҳудудида хизмат кўрсатувчи халқаро ижтимоий тармоқларни блоклаб қўйди, саёҳатларни чеклаш ҳамда айрим аҳоли яшаш манзилларида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Fars News ярим давлат ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, шу пайтгача 20дан ортиқ киши намойишлар чоғида ҳалок бўлди.

Норозилик намойиши қай тарзда бошланди? Биринчи талқин

Машҳад шаҳрида истиқомат қилувчи аҳоли орасида 2017 йил ўтказилган президентлик сайловида амалдаги давлат раҳбарига мағлуб бўлган номзод Иброҳим Раисий тарафдорлари кўплаб топилади. Нисбатан консерватив қарашга эга бўлган машҳадликлар теократик ҳокимиятни эгаллаб турган амалдорларнинг фаолиятидан норози бўлиб, намойишларга чиқа бошлаган. Эрондаги иккинчи энг йирик шаҳардаги ҳаракатларнинг чанги тез орада қўшни туман ва вилоятларга ҳам ёйилди.

Фото: AP

Тухум можароси ёки Иккинчи талқин

АҚШ собиқ президенти Барак Обама билан 2015 йил эришилган ядро дастури бўйича битим Эрон иқтисодиётига енгил шаббодани олиб кириши кутилганди. Нефтни эркин сотиш имконияти пайдо бўлганига қарамасдан, мамлакатда миллий валюта қадри кескин тушиб кетди. Иқтисодий тушкунлик энг аввало қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида акс этди. Масалан, парранда тухуми қарийб икки баравар қимматлашиб кетган. Бундай вазиятда намойишчилар хорижий мамлакатлардаги ҳарбий ҳаракатларни дастаклаб турган ҳукумат раҳбари, АҚШ билан муносабати совуқлашиб қолган президентни қоралашни бошлади.

Фото: AFP

Намойиш кимнинг режаси асосида бошланди?

Шу пайтга қадар халқ ҳаракатининг алоҳида етакчиси ажралиб чиқмади. Шунга қарамасдан, стихияли олиб борилаётган намойишларнинг бошида бир қанча етакчилар турганини тахмин қилиш мумкин. Улар ким? Аввало, Телеграм мессенжери орқали тарғиботни кучайтириб, халқ қўзғалишига сабабчи бўлган қувғиндаги журналист Руҳуллоҳ Замни алоҳида эътироф этиш керак.

Журналист Эрон Ислом Республикаси бешинчи Олий қозиси Содиқ Ардашер Ларижонийни катта порахўрликда айблаб, муаллифлик мақоласини эълон қилганди. Шундай сўнг, Руҳуллоҳ Замнинг Телеграм канали оммалашиб кетди. Бу имконият тарғиботни янада кучайтиришга шароит яратиб берганди.

Бундан ташқари, хориждаги мухолифат етакчиси Марям Ражавий намойиш ҳаракатини бошқариб тургани иддао қилинади. Гап шундаки, 22 ёшли Марямнинг опаси Наргиз Эрон шоҳига тўғридан-тўғри бўйсунувчи махфий полиция томонидан қатл этилгач, Ражави шоҳ режимига қарши курашни бошлайди. 1979 йилдан сўнг, Эрон мужоҳидлари гуруҳига қўшилган Марям Ражавий Инқилоб корпусига ҳам қарши курашни давом эттирди. Айни пайтда Европадан туриб, мамлакатдаги вазиятни тизгиндан чиқаришга интилаётган куч сифатида кўрилаётган Марям Ражавийнинг амалда ҳеч қандай мақоми йўқ.

Ҳукумат халқ намойишига қандай муносабат билдирмоқда?

Эрон ҳукумати «тинчликни сақлаш»​ учун Телеграм, Инстаграм каби хабар алмашиш ҳамда вазиятни тезкор тарқатишга хизмат қилувчи ижтимоий тармоқ, мессенжерларга киришини тақиқлаб қўйди. Айни пайтда Фейсбук билан Твиттер ҳам тақиқланган. Инқилоб корпуци зобитлари намойиш қатнашчиларига халақит қилмаётган бўлса ҳам, полиция ва Басиж аъзолари ҳамма кўчада ҳозир бўлмоқда. Президент Руҳоний мамлакатда норозилик намойишларига рухсат берилишини, ҳокимият идоралари жамоат хавфсизлигига рахна солмайдиган намойишлар ва иш ташлашларга тоқат қилишини айтди. Бироқ у ҳам, бошқа ҳукумат вакиллари ҳам қонунбузар, деб биладиган кишилар жазосиз қолмаслигини таъкидламоқда.​

kun.uz

Рейтинг@Mail.ru